Shajara

Саййид ким? Эшон ким? Хўжа ким?

(марҳум наъқиб Саййид Ибодхон Абдулаҳадхон ўғлининг “Саййид Баҳодирхон ва Сафохўжа” китобидан қисқача)

 

Саййид  арабча сўз бўлиб, ўзбек тилида “сайланма”, “сайланган”, “танлаб олинган”, “алоҳида олинган”,  деган  маъноларни англатади. Истилоҳда, яъни амалда Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг авлоди деган маънода ишлатилади.

Хўш, Пайғамбар авлоди нима учун саййид деб аталади? Сабаби, Саййидлик шарафи, мартабаси аввало Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга тегишлидир. Чунки, Аллоҳ таъоло ул Зоти бобаракотни “Саййидул Коинот”, “Хулосатул Мавжудод”, деб олий сифатлар билан сийлади ва зийнатлади.

Иккинчидан, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг   Биби Ҳадичаи Кубаро онамиздан  туғилган севимли кенжа қизлари Биби Фотимаи Заҳро онамиз билан Ҳазрати Али р.а.нинг никоҳ хутбасини  ҳам Пайғамбаримиз, Саййидул коинот Муҳаммад алайҳиссаломнинг  ўзлари ўқиган эдилар. Шу сабабли Биби Фотима онамиз ҳам “Саййидатуннисо” яъни “аёллар саййидаси” деган мартаба соҳибаси бўлганлар.

Учинчидан, тарихий китоблар, ҳадислардан маълумки,  Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом Ҳазрати Али розиаллоҳу анҳу ва Биби Фотима Заҳро саййидатуннисо онамизнинг севимли ўғиллари, яъни набиралари  Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн р.а.ларни болалик чоғларида тиззаларига ўтқизиб, эркалар эканлар ва шундай пайтларнинг бирида “Мана шу набираларим ва уларнинг авлодлари саййидлар бўлади”, деб башорат қилган эканлар.

Шунга кўра Ҳазрати Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн р.а.лар ва улардан туғилган фарзандлар саййидлар, яъни Пайғамбар авлодлари деб аталганлар. Бошқача қилиб айтганда “саййид” сўзи пайғамбар авлоди деган маънода  ишлатиладиган бўлган.

Энди Эшон деган сўзни тахлил қиламиз. “Эшон” форс – тожик  сўзи бўлиб, ўзбек тилида “улар” (яъни “у” олмошини кўплик шаклида “улар”) деган маънони англатади. Форсий – забон, яъни форс – тожик тилида сўзлашадиган мамлакатларда “эшон” сўзи одамларга нисбатан қадимдан қўлланиб келинган. Масалан, сўзлашувда ёки ёзувда икки ва ундан ортиқ, яъни кўпчилик ҳақида гап кетганда “Эшон”, яъни “улар” деб айтилган ва ҳозир ҳам шундай.  Хўш, саййидлар, яъни Пайғамбар авлодларини эндиликда “эшонлар” ҳам дейишади ва “эшон” сўзи уларга нисбатан қачондан бошлаб ва дастлаб қайси мамлакатда қўлланиладиган бўлган? Нега саййидлар, яъни Пайғамбар авлодларини “эшонлар” деб атайдилар?

Тарихдан маълумки, Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайн р.а.ларнинг  ўша вақтдаги қирғин – баротлардан омон қолган авлодларининг аксарияти  Эрондан паноҳ топишган. Маҳаллий ҳалқ ўша вақтда саййидзодаларга  ҳурмат – иззат кўрсатиб, уларнинг исмларини айтмасдан, “эшон”, яъни “улар”  деб атайдиган бўлишган. Кейинчалик ана шу саййидзодаларнинг авлодлари Эрондан бошқа мамлакатларга, шу жумладан Туркистон ўлкаларига, Самарқанд, Бухоро, Термиз вилоятлари ва шаҳарларига ҳижрат қилиб келганлар. Бу вилоят  ва  шаҳарларда ҳам Пайғамбар авлодларига ҳурмат юзасидан уларнинг  исмини айтмасдан “эшон” (яъни “улар”) деб  аташ ҳозир ҳам давом этиб келмоқда. Ўзбек тилида сўзлашувчи аҳоли эса “эшон” сўзига “бобо” ё “бува” деган сўзни ҳам қўшиб, “эшон бобо,       эшон бува” деб айтишган ва ҳозир ҳам шундай.

Аммо, шуни ҳам унутмаслик керакки, “эшон” сўзи ҳамма вақт ҳам саййидларга нисбатан, яъни “эшон” сўзи Пайғамбар авлоди яъни саййидзода деган маънони беравермайди! Чунки форс–тожик тилида “эшон” сўзи  бошқа оддий одамларга ва уларнинг авлодларига шунингдек тариқат пешволарига нисбатан ҳам “улар” деган маънода ишлатилади ва ҳозир ҳам шундай.

“Хўжалар” — Ҳазрати Али р.а.нинг Биби Фотимаи Заҳро онамизни вафотидан кейинги хотинларидан дунёга келган фарзандларидан қолган зурриёдлардир. Ундан ташқари чаҳорёрлардан Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, Ҳазрати Усмон ва Ҳазрати Умари Одил розиаллоҳу анҳулардан тарқалган хўжалар ҳам бор” деган таъриф берилиб келинган. Афсуски, бу таъриф тарихга ва мантиққа асосланган жавоб эмас, балки, эски энциклопедия ва бошқа китоблардан кўчириб олиб тақдим этилаётган фикрдир. Шундай таъриф, жумладан шўролар давридан қолган “Атеистик энциклопедик” луғатда ҳам келтирилган. Чунончи, ушбу энциклопедияда хўжалар ҳақида шундай дейилган:

— “Хўжалар (форсча  хўжайин, соҳиб) мусулмон мамлакатларида кенг тарқалган имтиёзли табақа, Хўжаларнинг келиб чиқиши ҳақида турли фикрлар мавжуд. Баъзи маълумотларда хўжалар дастлабки тўрт ҳалифа   (чаҳорёрлар) – Абу Бакр, Умар,  Усмон ва Алидан (Алининг Фотимадан бошқа хотинларидан) тарқалган авлодлар дейилса, бошқа манбаларда арабларнинг истилочилик юришларида  бошчилик қилган саркардаларнинг авлодлари, деб ҳисобланади. (Ўша “луғат”, 416–бет).

Луғатда берилган бу таъриф ҳам бир ёқламадир. Унда фақат  “хўжа” деган атама форсча – тожикча сўз эканлиги тўғри қайд қилинган, холос!. Дарҳақиқат, “хўжа” сўзини ўзбекчага таржима қилганда хўжайин, соҳиб, эга, раҳбар, бошлиқ, етакчи, деган маъноларни англатади.

Хўжалар ким, деган саволга мантиққа асосланган жавоб топиш учун, тарихга, аниқроғи ислом тарихига бир назар ташлаш керак. Чунки, “хўжалар” чаҳорёрлар ва араб саркардаларининг авлодлари ва улар саййидлардан  кейин иккинчи ўринда турувчи имтиёзли “оқсуяклар” табақаси дейиш ислом тарихидан бехабарликдир.

Аслида бундай “таъриф” берилган хўжалар табақаси фақат чаҳорёрлар ва араб саркардаларининг авлодларидан иборат бўлмаган. Улар орасида саййидлар, яъни Пайғамбар авлодлари ҳам, оддий одамлар ҳам кўпчиликни  ташкил этган. Шунинг учун хўжаларни маълум бир насл–насабдаги  авлод  намоёндалари  деб тушунмаслик керак.

Энди, бу тоифадаги кишилар қачондан бошлаб хўжалар деб  аталадиган бўлган, деган саволга келсак, бу ҳам исломдаги сўфийлик тариқатлари тарихи, яна ҳам аниқроғи “Хожагон” (“Нақшбандия”) тариқати билан бевосита боғлиқдир. “Тариқат” – арабча йўл, усул маъноларини  англатиб, мусулмонларнинг тариқат асосида яшаш ва ўзини тарбиялаш, комиликка эришиш йўлини билдиради.

Ана шундай сўфийлик тариқатларидан бири Шайх Юсуф Ҳамадоний ва ул ҳазратнинг халифаси Хўжа Абдухолиқ Ғиждувоний асос солган “Хожагон” тариқатидир. Шу тариқатга кирган ва муридлик, шогирдлик,  халифалик босқичларини босиб ўтган ҳамда пирлик, устозлик даражаларига етишган сўфийлар, яъни тариқат аъзоларини кейинчалик хўжалар, яъни тариқат хожалари (соҳиблари, эгалари)  деб атайдиган бўлишган.

Ушбу хожагон тариқатини тузиш ва шакллантиришда Ҳазрат Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийнинг хизматлари жуда катта бўлган.       Шунга кўра у киши кейинчалик шу тариқатнинг хожаси, соҳиби, пири сифатида Хожаи Жаҳон, яъни “Жаҳон хожаси” деган унвон билан аталганлар. Шайх Юсуф Ҳамадонийнинг шу тариқатдаги бошқа халифалари Абдулло Барқий, Ҳасан Андоқий ва Аҳмад Яссавийлар ҳам кейинчалик тариқат давомчилари ва соҳиблари сифатида Хожа Абдулло Барқий, Хожа Ҳасан Андоқий, Хожа Аҳмад Яссавий  дея мусулмон оламида катта иззат — ҳурмат  билан тилга олинганлар ва ўзлари ҳам кўплаб шогирдларни тарбиялаб,  камолга  етказганлар.

Хуллас, хўжалар, яъни тариқат соҳиблари турли миллат ва насл – насабдаги кишилар бўлган. Улар орасида Пайғамбар авлодлари ҳам, чаҳорёрлар ва араб саркардаларининг авлодлари ҳам, турли миллатларга мансуб бошқа мусулмонлар ҳам бўлган. Шундай қилиб, хожагон, нақшбандия тариқатига дахлдор пиру —  муршидлар ва тариқат аъзолари кейинчалик уларнинг авлодлари ҳам хожагон, яъни хўжалар номи билан аталадиган бўлганлар.

Бу ўринда яна шуни эслатиб ўтиш жоизки, Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувоний ҳазратларидан аввал бошқа тариқатлардаги, шунингдек, кейин хожагон тариқатидаги  пиру — муршидлардан ҳеч кимнинг исмидан олдин ёки кейин хожа (хўжа)  сўзи қўшиб айтилмаган. Тариқат пирлари шайх деб аталган. Жумладан, хожагон тариқатига асос солган Юсуф Ҳамадонийни  ҳам шайх  деб аташган. Хожа Абдуҳолиқ Ғиждувонийдан кейин хожагон тариқатига кирган ва кейинчалик пиру — муршидлик даражасига етишган ва тариқат соҳиблари бўлган Пайғамбар авлодлари ҳам шундан кейин исмларига хожа (хўжа) сўзини қўшиб айтишган.

Бунга Хожа Баҳовуддин Нақшбандий, Хожа Аҳрори Вали, Хожаги Махдуми Аъзам Даҳбедий ва бошқаларни мисол қилиб кўрсатиш мумкин. Кейинчалик ана шу саййидзодаларнинг фарзандлари ва авлодлари ҳам ҳурмат юзасидан хожа (хўжа) деб аташ расм бўлган. Жумладан, Хожаги Махдуми Аъзам Даҳбедийнинг катта ўғиллари Муҳаммад Амин ҳазратларини Хожа Калон, иккинчи ўғилларини Хожа Ҳошим деб атаганлар.

Шунингдек, хожагон тариқатининг Пайғамбар авлодига мансуб бўлмаган кейинги пир ва шайхлари Хожа Ориф Деҳгароний, Хожа Али Рометаний, Хожа Муҳаммад Порсо ва бошқалар ҳамда уларнинг фарзандлари ҳам хожагон, яъни хўжалар дейилиб, ҳурмат қилинган.

Юқорида айтилганларнинг ҳаммасидан келиб чиқадиган хулоса шуки, хўжалар (хожалар) сўзи насл–насабни эмас, балки, аслида хожагон (нақшбандия) тариқати пиру–муршидлари ва уларнинг муридлари ва авлодларини билдиради. Аммо тариқат соҳиблари  сафида Пайғамбар авлодлари – саййидлар ҳам бўлганлиги учун кейинчалик оддий халқ ўртасида “хўжалар ҳам саййид”, яъни Пайғамбар авлодлари, ёки,  шунингдек, хўжалар чаҳорёрлар ва араб саркардаларининг авлодлари,  деган нотўғри, чалкаш тасаввурлар пайдо бўлган.

Шунга кўра энциклопедия ва бошқа манбаларда ёзилганидек  “хўжалар исломда оқсуяклар табақаси сифатида саййидлардан, яъни Муҳаммад пайғамбар авлодларидан кейин туриб, маълум имтиёзларга эга бўлганлар” деган гаплар ҳам ҳақиқатга унча тўғри келмайди. Чунки, хўжалар, яъни хожагон тариқати вакилларининг амалда ҳеч қандай имтиёзи бўлмаган. Улар тариқатнинг асосий шиори – даъвати ҳисобланган “Даст ба кору, дил – баёр”,  яъни “Қўлинг ишда бўлсину, дилинг ёрда (Аллоҳда) бўлсин” деган қоидасига амал қилиб, ҳалол касб ва меҳнат билан умургузаронлик қилишган. Аждодларга муносиб авлод бўлайлик азизлар!

 

  “Туркистон Саййидлари ва Эшонлари” ҳалқаро жамияти

Опубликовано
В рубрике Maqolalar Отмечено