Shajara

Каттаев

Саййид Аҳмад Маҳдуми Аъзам Косоний Даҳбедий ва ул зотнинг етук авлоди – фахрий шажарашунос Саййид Наъқиб Комилхон Каттаев

 

Ҳозирги кунда Самарқандда яшаб ўтган буюк алломалар асарлари устида тадқиқотлар олиб борилиб, бу асарлар қайта чоп этилиб келинмоқда. Шу ўринда «Туркистон Саййидлари ва Эшонлари» халқаро жамиятининг аъзоси ва фахрий шажарашуноси, тарихчи ва манбашунос олим Саййид Комилхон Каттаев буюк алломалар ва уларни силсиласи ҳамда насаб шажараси ҳақида маънавий қимматга эга бир қатор китобларни нашр қилиб  келаётганлиги тақсинга сазовордир. Куни кеча олимнинг янги асарлари нашрдан чиқди.

Улардан бири «Мажмуа ар-рисоил» тўпламидир. Нақшбандия тариқатининг буюк вакили Саййид Маҳдуми Аъзам Даҳбедий бу тариқатнинг улуғлигини илк бор илмий жиҳатдан исботлаб берган, бу ҳақда ўнлаб илмий-назарий асарлар ёзган. Аксарият асарлари “Мажмуа ар-расоил” тўпламига жамланган. Муаллифнинг 30 га яқин рисолаларини ўз ичига олган ушбу тўплам нусхаларини дунёдаги барча йирик шарқ қўлёзма кутубхона хазиналарида учратиш мумкин.

Komilxon Kattaev

Аммо унинг муаллиф ўз қўли билан кўчирган нусхаси Саййид Маҳдуми Аъзам авлодларидан Саййид Каттахонхожаи Даҳбедий (1868-1969) нинг шахсий кутубхонасида мавжуд бўлиб, бу тўлиқ ва камчиликсиз, мукаммал нусха деб тан олинган.

Ушбу тўплам асосан тасаввуф таълимотига бағишланган бўлиб, уларда Қуръони карим оятлари, Ҳадиси шариф ва Шарқ тафаккурининг илғор намояндалари фикрлари таҳлил этилиб, илмий-назарий хулосалар баёни берилган. Ушбу тўпламни Саййид Маҳдуми Аъзам Даҳбедийнинг ўз даври устувор тариқати ҳисобланган Нақшбандия силсиласининг назарий қонун-қоидалари жамланмаси дейиш мумкин.

Юртимизда Нақшбандия тариқати билан бир қаторда Яссавия тариқатининг ҳам ўрни катта. Ушбу тариқатнинг сўнгги вакилларидан бири Жўш Ота ҳақида нашрдан чиққан “Жўш ота ва Яссавия силсиласи тарихи” китобида батафсил баён қилинган. Жўш ота тариқат пешвоси Шайх Хожа Аҳмад Яссавийнинг тўртинчи халифаси бўлган Ҳаким ота (Сулаймон Боқирғоний)нинг набираси бўлиб, ҳозирда Жўш ота номи билан танилган мавзеда фаолият юритган, ушбу манзилда яшаб, шу ерда вафот этган.

Yassawiya

Қўшработ туманидан етишиб чиққан тариқат пирларидан яна бири Домла Камолиддин Охун ибн Олимбойдир. Қўшработ туманининг Шова қишлоғида яшаб фаолият кўрсатган пир халқ орасида қисқача Домла Камол номи билан машҳур бўлган. У зот ўзининг илми, камтарона ҳаёт тарзи, топганини халққа тарқатиш одати билан шуҳрат топган. Нақшбандия тариқати пирларидан бўлган Домла Камолиддин тўғрисида айрим мақола ва тўлиқ бўлмаган маълумотлар учраса-да шу пайтгача бирор бир илмий рисола мавжуд эмас эди.

“Домла Камолнинг Нақшбандия Аълия тариқатида ўрни ҳамда юртимизнинг охирги машҳур муршидлари” китоби ҳам нашрдан чиқди. Китобда Нақшбандия-Аълия тариқати тарихи, ХХ аср ўрталарида фаолият кўрсатган Аълия тариқати муршиди Домла Камолиддин Охун, Шарифия тариқати муршиди Саййид Каттахонхожа Даҳбедий ҳамда Аълия тариқатининг кейинги давр пешволари тарихи ва силсиласи тўғрисида сўз боради.

Накшбандия

Дунё илм-фани ва тамаддуни ривожига туртки берган зиё масканлари – мадрасалар илк бор юртимизда пайдо бўлган. “Самарқанд мадрасалари ва илму фан ривожи”  китобида Самарқанд шаҳрида мавжуд бўлган ва фаолият кўрсатган мадрасалар тўғрисида сўз юритилган бўлиб, унда Самарқанддаги 55 та мадрасанинг тарихи, улар жойлашган мавзелар таълим тизими ва иш юритилиши ҳақида қимматли маълумотлар берилган.

Самарканд

Ушбу китоб  2003 йилда илк марта ва 2007 йилда Самарқанд шаҳрининг 2750 йиллигига бағишланиб чоп этилган эди. Китоб олий мадрасалар меросхўри бўлган Самарқанд давлат университетининг 600 йиллиги олдидан қайта чоп этилди. Саййид Комилхон Каттаевнинг мазкур китоблари юртимиздан етишиб чиққан буюк алломалар ва уларнинг силсиласи ва шажараси ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишда нодир манбалар бўлиб хизмат қилиши шубҳасиздир.

Куни кеча Самарқанд вилояти ахборот-кутубхона марказида тарихчи ва шажарашунос олим  Саййид Комилхон Каттаев билан ижодий учрашув ҳамда унинг яқинда чоп этилган китоблари тақдимоти бўлиб ўтди.

Учрашувни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Т.Тугалов олиб борди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Д.Маматқулов, вилоят бош имом-хатиби З.Эшонқулов олим ёзган асарлар тўғрисида тўхталди. Жумладан, Саййид Комилхон Каттаев 60 га яқин китоб ва 200 дан зиёд илмий ва илмий-оммабоп мақолалар муаллифи эканлиги, жумладан, суфизм тарихига ва силсилаларга оид бир неча қадимий китобларни араб-форс тилидан таржима қилганлиги, китоб ва мақолалари чет элларда ҳам нашр этилгани эътироф этилди ва юксак баҳоланди.

Каттаев Комилхон

Ижодий учрашувда сўз олган профессорлар М.Пардаев, Д.Салоҳий, шоира Ж.Сувонова, Республика маънавият ва маърифат маркази Самарқанд шаҳар бўлими раҳбари Х.Нуруллаев томонидан Саййид Комилхон Каттаевнинг илмий тақиқотларида Самарқанднинг кўплаб маданий обидалари тарихи илк марта ёритилгани ҳамда бир қанча обидалардаги ўчиб кетган ёзувли катабалар тиклангани айтилди. Мустақиллик даври топономика соҳасида ҳам Самарқанд шаҳри кўчаларининг ўнлаб қадимий номлари олимнинг тадқиқот ва таклифлари натижасида тиклангани қайд этилди. Бундан ташқари, Комилхон Каттаевнинг шахсий кутубхонасида 200 дан ортиқ нодир китоблар сақланаётгани тилга олинди.

К.Каттаев

Маълумот ўрнида:

             Саййид Комилхон Саййид Салоҳиддинхон ўғли Каттаев – 1956 йилда Самарқандда туғилган. Нақшбандия тариқатининг буюк шайхи Саййид Аҳмад Маҳдуми Аъзам Косоний Даҳбедийнинг ва Иштихоннинг сўнгги қозиси Саййид Баҳодирхон ибн Иброҳимхўжанинг авлодидир. Самарқанд Давлат Университетитарих факультетини тугатган. Самарқанд Давлат музей-қўриқхонаси Шарқ қўлёзмалари бўлими раҳбари; Ўзбекистон Фанлар Академияси Самарқанд Бўлими сектор мудири, Грант раҳбари; Самарқанд Давлат Чет Тиллар Институти Шарқ Қўлёзмалари Маркази раҳбари; Самарқанд вилояти «Маҳдуми Аъзам Даҳбедий илмий-тадқиқот Фонди» раиси бўлиб ишлаб келмоқда. Самарқанд Давлат Университети, Самарқанд Давлат Чет Тиллар Институти каби олийгоҳларда ёшларга таълим бериб келган.

Саййид Комилхон Каттаев — 60 га яқин китоб ва 200 дан зиёд илмий ва илмий-оммабоп мақолалар муаллифи. Жумладан, суфизм-тариқатлар тарихига ва саййидлар шажараси ва силсиласига оидбир неча тарихий китобларни араб-форс тилидан таржима этган. Унинг китоб ва мақолалари чет элларда ҳам нашр этилиб келмоқда.Самарқанднинг буюк имомлари: Мотуридий, Марғиноний, Дорамий, Растуғфоний, Ҳалвоий, Суғдий, Абул Қосим ал-Ҳаким, Шайх Маҳдуми Аъзам, Азизон Шайх Худойдоди Вали, Маҳдуми Хоразмий, Олим Шайх Азизон, Шоҳ Неъматуллоҳ Вали каби кўплаб буюк алломалар тарихлари ва уларнинг силсилалари мустақилликдан сўнг илк бора олимнинг китобларида ёритилган. Шу билан бирга, Гўри Амир, Хожа Аҳрори Вали, Шайх Маҳдуми Аъзам, Шайх Худойдоди Вали, Махдуми Хоразмий ва Чокардиза каби дунёга машҳур қабристонларда мавжуд бўлган алломалар қабртошларининг эпиграфик ёзувлари тадқиқотини ҳам олим Фанлар Академияси миқёсида илк бошлаган эди.

Олимнинг илмий тақиқотларида Самарқанднинг кўплаб маданий обидалари тарихи илк марта ёритилган ҳамда бир қанча обидалардаги ўчиб кетган ёзувли катабалар тикланган. Шунингдек, Мустақиллик даври топономика соҳасида ҳам Самарқанд шаҳри кўчаларининг ўнлаб қадимий номлари олимнинг тадқиқот ва таклифлари натижасида тикланган.

Наъқиб Саййид Комилхон Каттаев 2018 йилдан “Туркистон Саййидлари ва Эшонлари” халқаро жамиятининг аъзоси ва фахрий шажарашуноси бўлиб фаолият олиб бормоқдалар.

Махдуми Аъзам

Mahdumi Azam

Комилхон Каттаев

Илмий анжумандаги учрашувда Самарқанд вилоят ҳокимлиги томонидан шажарашунос ва тарихчи олим Саййид Комилхон Каттаевни қилаётган хайрли ишлари инобатга олиниб, ҳокимлик хомийлигида 2021 йилги муборак Ҳаж сафарига юборилиши маълум қилинди. Шу ўринда биз “Туркистон Саййидлари ва Эшонлари” халқаро жамияти аъзолари ҳам ушбу хайрли янгилик билан фахрий шажарашунос ва тарихчи олим Саййид Наъқиб Комилхон Каттаевни чин қалбимиздан муборакбод этамиз ҳамда Парвардигоримиз Аллоҳ азза ва жаллага шу кунларни етказганига шукроналар ва беъадад ҳамду-санолар айтамиз.

 

“Туркистон Саййидлари ва Эшонлари” ҳалқаро жамияти жамоаси