sulton sodot

СУЛТОН СОДОТ (САОДАТ)
АМИР САЙЙИД АЛИ АКБАР  ибн
ИМОМ ҲАСАН АЛАСКАРИЙ р.а.
(IX аср)
 

Ўзбекистон Республикаси Термиз шаҳрининг шарқий қисмида Султон Саодат мақбараси меъморий ёдгорлик мажмуаси бор.  Бу мажмуа  X аср бошидан XVII асргача барпо этилган тарихий обидадир. Ушбу мажмуада саййидлар сулоласининг мақбаралари жойлашган бўлиб, мажмуа 20 яқин мақбарадан иборат. Биринчи бўлиб бу ерда Термиз атрофидаги  ерлар эгаси – cаййидзода Амир Саййид Али Акбар мақбараси бунёд этилган.

Мақбаралар пештоқ ва гумбазли чорсу хоналардан иборат. Ҳовлининг тўридаги пештоқ ва икки қанотидаги гумбазли мақбаралар бир хил тархда қурилган, жанубдаги мақбара зиналар ҳисобига кичикроқ кўринади. Шимоли-ғарбидаги мақбаранинг қурилма ва безаклари оддий ғиштдан  жуфт-жуфт қилиб терилиб, тўлқинли безак хосил қилинган. Ички хона деворларига ғиштдан хошияли бўртма равоқлар ишланган. Жануби-ғарбдаги мақбара шимоли-ғарбдагидан бироз кичик, кўриниши оддий, ганч сувоқли. Мазкур икки мақбара орасидаги пештоқи супа тўрига меҳроб жойлашган. Сиркор кошинлар бинога алоҳида хусн бағишлаган. XV-XVII асрларда қурилган мақбараларда ўша даврга хос юлдузсимон гирих навшлар, ганчкори безаклар кенг қўлланилган. Мажмуа Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин таъмирланиб, зиёратгохга айлантирилган.

Халқ орасида Султон Саодат номи билан машҳур бўлган шахс, аслида СУЛТОН СОДОТ, яъни саййидлар султони бўлмиш Амир Саййид Али Акбар ибн Имом Ҳасан ал-Аскарийдир. Бу зотнинг вафот этган даврлари  9 аср охирларига ва бошқа манбада 10 аср бошларига тўғри келиши айтилган.

Яна бошқа манбаларда тарихчиларимиз Султон Содотни исмини (А) Саййид Ҳасан алАмир  ёки  (Б) Амир Саййид Али Акбар  деб ҳам келтирганлар. Тарихий манбаларда айтилишича, Термиздаги саййидларнинг султони, амири айнан шу зот бўлган эканлар.   (Қаранг: 1) “Буюк Термизийлар” Мирзо Кенжабек, Имом Термизий халқаро илмийтадқиқот маркази, Тошкент 2017, Ўзбекистон миллий энциклопедияси давлат илмий нашриёти, 232-233 бетлар.

2) Ўзбекистон Миллий энциклопедияси, 8-жилд. Тошкент 2004, 127-бет.

3) “Дурдонахои Наср” Адиб, Душанбе 1985 й, 375-бет.

3) “Саййидлар шажараси” М.Султонова, Тошкент 2017 й., “Тошкент ислом университети”, 23-24 бетлар.

4) “Дастур ул-мулк” аллома  Хожа Самандар Муҳаммад Термизий (XVII аср) таржимон Ж.Эсонов, Тошкент 1997 й. 12бет)    

Шунингдек, қўлёзма насаб шажараларда бу зотларнинг тўлиқ исмлари, насаблари ва яшаган даврлари қуйидагича келтирилган:

(А) 1. Имом Али ибн Абу Толиб р.а. (599-661)

  1. Имом Ҳусайн р.а. (626-680)
  2. Имом Зайнулобиддин р.а. (658-713)
  3. Имом Муҳаммад Боқир р.а.   (бошқа бир шажарада  Ҳасан алАсғар) (677-732)
  4. Саййид Абдуллоҳ (700-761)
  5. Саййид Ҳасан алАмир (725?)    (унинг яшаган даври 8 аср)

 

(Б) 1. Имом Али ибн Абу Толиб р.а. (599-661)

  1. Имом Ҳусайн р.а. (626-680)
  2. Имом Зайнулобиддин р.а. (658-713)
  3. Имом Муҳаммад Боқир р.а. (677-732)
  4. Имом Жаъфари Содиқ р.а. (701-765)
  5. Имом Мусо Козим р.а. (744-799)
  6. Имом Али Мусо Ризо р.а. (765-817)
  7. Имом Муҳаммад Тақий р.а. (801-835)
  8. Имом Али Нақий (Ҳодий) р.а. (826-868)
  9. Имом Ҳасан ал-Аскарий р.а. (846-874)
  10. Амир Саййид Али Акбар (868- ?)     (унинг яшаган даври 9 аср)

Бизнинг мутахассислар юқорида келтирилган аждодлар ва уларнинг фарзандлари ва яшаган даврларини тадқиқ ва таҳлил қилиб, илк Ансоб китоблари билан солиштирган ҳолда қуйидаги қимматли маълумотларни аниқлашга муваффақ бўлдилар:

(А) ҳарфи билан келтирилган шажарадаги Имом Зайнулобиддин р.а.нинг ўғли  4 рақамдаги Имом Муҳаммад Боқир р.а.нинг ҳақиқатдан  Саййид Абдуллоҳ исмли ўғли бўлганлиги ва унинг етти нафар ўғлининг исмлари илк Ансоб китобларида келтирилган. Лекин ушбу 5 рақамдаги Саййид Абдуллоҳнинг  6 рақамдаги Саййид Ҳасан ал-Амир исмли ўғли бўлганлиги ҳақида маълумот келтирилмаган.

Саййид Абдуллоҳ ибн Имом Муҳаммад Боқир ибн Имом Зайнулобиддин р.а.нинг илк ансоб китобларида келтирилган ва ансоб уламолари томонидан тасдиқланган ўғил фарзандларининг исмлари:

1) Аюб Ҳабибуллоҳ (авлод қолган), 2) Асвад алҲошимий (авлод қолган), 3) Малик (авлод қолган), 4) Маҳмуд (авлод қолмаган),  5) Исмоил (авлод қолган), 6) Муҳаммад Маъруф (авлод қолган), 7) Ҳамза (авлод қолмаган).

        Шунингдек, бошқа бир шажарада Имом Зайнулобиддин р.а.нинг 4 рақамдаги Ҳасан ал-Асғар номли ўғли бўлганлиги айтилган, лекин бу ҳақда илк Ансоб китобларида келтирилмаган, лекин Имом Зайнулобиддин р.а.нинг Ҳусайн ал-Асғар номли ўғли бўлганлиги  ва унинг эса Саййид Абдуллоҳ (Убайдуллоҳ) Аъраж исмли  ўғли бўлганлиги ва унинг ўн бир ўғил фарзандлари исмлари ҳақида маълумот мавжуд.

Саййид Абдуллоҳ (Убайдуллоҳ) Аъражнинг ибн Ҳусайн алАсғар ибн Имом Зайнулобиддин р.а.нинг илк ансоб китобларида келтирилган ва ансоб уламолари томонидан тасдиқланган ўғил фарзандларининг исмлари:

1) Ҳамза (авлод қолган),   2) Аҳмад (авлод қолмаган), 3) Али алҲайр (авлод қолган), 4) Яхёи Зоҳид (авлод қолмаган), 5) Иброҳим (авлод қолмаган), 6) Сулаймон Акбар (авлод қолмаган),  7) Сулаймон Асғар (авлод қолмаган), 8) Жаъфар (авлод қолган), 9) Муҳаммад Акбар (авлод қолган), 10) Муҳаммад Асғар (авлод қолмаган), 11) Абдуллоҳ (авлод қолмаган).  

Аммо ушбу Саййид Абдуллоҳ (Убайдуллоҳ) Аъражнинг Саййид Ҳасан ал-Амир номли ўғли бўлганлиги ҳақида маълумот учрамади.  Саййид Ҳасан ал-Амир исми унинг куняти бўлгандир деб ҳисоблаган тақдиримизда ҳам унинг яшаган даври  8 аср бошларига, тахминан 725 йилларга тўғри келган бўлар эди. Бу эса ўз ўрнида Султон Содот деб ном қозонган саййидзода яшаб ўтган даврга яъни 9 асрга тўғри келмаслигини кўрсатмоқда.

Муарриҳ Фасиҳ Аҳмад ал-Хавафининг «Фасиҳи Хавафи» асарида Термиздаги яна бир саййидлар сулоласининг шажараси келтирилган бўлиб, Имом Зайнулобиддин р.а.нинг ўғли Саййид Ҳусайн, унинг ўғли Саййид Абдуллоҳ (Убайдуллоҳ) Аъраж ва унинг ўғли Жаъфар бўлиб, унинг ўғли Ҳусайн ва унинг ўғли Абу Муҳаммад ал-Ҳасан деб келтирилган. Лекин илк ансоб китобларида Жаъфарнинг Ҳусайн исмли ўғли бўлганлиги ва унинг Абу Муҳаммад ал-Ҳасан исмли ўғли бўлгани ҳақидаги маълумотлар учрамади. Аммо бу шажараларни дарҳол хатога чиқариб бўлмайди, айрим қўлёзма насаб шажараларда ота-боболарнинг исмларида шундай чалчашликлар учраб туради. Шунинг учун қадимдан бундай насаб шажараларни тўғри тузиш назоратини, уларни тадқиқ этиш ва тасдиқлаш ишларини шажарашунос наъқиблар амалга ошириб келишган. Абу Муҳаммад ал-Ҳасан шажараси ҳақидаги маълумотлар мазкур «Фасиҳи Хавафи» номли тарихий асарда келтирилганини ҳисобга оладиган бўлсак, бу зот ўз даврида ҳақиқатдан ҳам Термездаги саййидлар сулоласи таниқли вакилларидан бўлганлигига, Термиздаги Султон Содот мажмуасидаги мақбаралардан бирига дафн этилган саййидзодалардан бири бўлганлигини айтиш мумкин. Лекин мазкур асарда ва бошқа манбаларда Абу Муҳаммад ал-Ҳасаннинг ҳақиқий исми ёки куняти бу Султон Содот Амир Саййид Али Акбар бўлган ва ул зот 9 асрда яшаб ўтган деган маълумотлар келтирилмаган.

 

(Б) ҳарфи билан келтирилган шажарадаги Имом Зайнулобиддин р.а.нинг 10 рақамда келтирилган авлоди ўз даврининг имоми бўлган Имом Ҳасан ал-Аскарий р.а.нинг Амир Саййид Али Акбар номли ўғли бўлганлиги ва ул зотнинг авлодлари  Ўзбекистон ҳудудида, Ўрта Осиё ва Шарқ мамлакатларида тарқалганлиги ҳақидаги маълумотлар ансоб китобларида ва қадим қўлёзма насаб шажараларда кўп учрайди. Амир Саййид Али Акбарнинг яшаган даврлари 9 асрга яъни тахминан 868 йилларга  тўғри келишини ҳисобга оладиган бўлсак, Султон Содот деб ном қозонган машҳур инсон айнан шу саййидзода бўлганлигини таъкидлаш мумкин. Ривоятларга қараганда, Султон Содот Амир Саййид Али Акбар Ироқ ҳудудидан Самарқандга келиб яшаганлар, сўнг Балхга кўчиб ўтиб, бироз вақт у ерда ҳам яшаб ва кейин аҳли оилалари билан Термизга келиб муқим қолган эканлар. Султон Содот Амир Саййид Али Акбар  Термизий ибн Имом Ҳасан ал-Аскарий р.а.нинг қабри Термиздаги Султон Саодат (Содот) мажмуасидаги асосий мақбарада жойлашган.

Марҳум олим Жаббор Эсоновнинг ёзишича, машҳур шайх ва шоир, адиб ва аллома, “Дастур ул-мулк” (“Подшоҳлар учун қўлланма”) асарининг  муаллифи Хожа Самандар Муҳаммад ибн Бақо Термизийнинг насаб шажараси Султон Содот (Саодат)га –Амир Саййид Али Акбар Термизийга боғланади. “Дурдонахои Наср” китобида, XV-асрнинг машҳур шоири, мусиқашунос, тил ва бошқа фанлар олими бўлган  Соҳиб Балхий Шарифий Термиздаги саййидлар ҳақида кўп шеърлар ёзганлиги ва ушбу шеърларининг илк сатрлари Султон Содот (Саййидлар Султони) Амир Саййид Али Акбар Термизий мақтови ва мадҳи билан бошланиши ҳақида айтилган. Аксар қўлёзма насаб шажаралар ва манбаларда Имом Ҳасан ал-Аскарий р.а.нинг ўғли  Саййид Али р.а.нинг тахаллуси Акбар (Асғар), Абдуллоҳ ё Муттақий бўлган деб келтирилган.

Хулоса қилиб айтганда, Термиз худудида кўплаб саййидзода имомзода сулолалар яшаганлар, жумладан, тарихда машҳур бўлган Термиз саййидларининг исмларида Ҳасаний (Имом Ҳасан р.а. авлодлари), Боқирий (Имом Муҳаммад Боқир р.а. авлодлари), Мусавий (Имом Мусо Козим р.а. авлодлари), Ризавий (Имом Али Ризо р.а. авлодлари), Тақий (Имом Муҳаммад Тақий р.а. авлодлари), Аскарий (Имом Ҳасан ал-Аскарий р.а. авлодлари) каби тахаллуслар учраши буни яққол далилидир. Ҳиндистон ва Покистон диёрларида ҳам бундай номланишлар учраб туради, Термизий саййидлар, Бухорий саййидлар, Хоразмий саййидлар, Хуросоний саййидлар ва шу каби номлар шулар жумласидандир. Термиздаги Султон Саодат меъморий ёдгорлик мажмуасида кўплаб саййидларнинг номсиз қабрлари жойлашган бўлиб, уларнинг кимлигини аниқлашни ҳозирча имкони йўқ. Милодий IX асрда яшаб ўтган Султон Содот яъни Саййидлар Султони  ва Амири  — Саййид Али Акбар ибн Имом Ҳасан ал-Аскарий р.а. бўлиб, ул зотнинг авлодлари ҳозирда Яқин Шарқ давлатларида ва Ўрта Осиё ҳудудида, жумладан,  Ўзбекистоннинг Термиз, Фарғона, Андижон, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида, ҳамда қўшни Тожикистон ва Афғонистон давлатларида яшаб келишмоқда.

Султон Содот Амир Саййид Али Акбар ибн Имом Ҳасан ал-Аскарийнинг машҳур авлодлари:

  • Саййид Эшони Имло Муҳаммад Оҳунд Бухорий — машҳур авлиё, тариқат шайхи.
  • Саййид Қамбар Али Фарғоний — Мирзо Бобурнинг машҳур саркардаларидан бири.
  • Саййид Али Шоҳ Термизий — Пир Бобо Бунир (Покистон)- машҳур авлиё, муршид.
  • Қози Саййид Баҳодирхон — Самарқанд вилояти, Иштихон шаҳрининг сўнгги қозиси, Иштихонлик саййидлар аждоди.
  • Саййид Аҳмад – Саййид Ота номи билан танилган машҳур авлиё, тариқат пири.
  • Шайх Саййид Баҳоуддин Нақшбанд Бухорий – тариқат асосчиси, шайх, авлиё.
  • Саййид Абдуллоҳ Мадиний – Шоҳимардон (Фарғона)лик авлиё, қутб ул-ақтоб, шоҳимардонлик саййидларнинг аждоди.
  • Саййид Боқи Хожа Андижоний – тариқат пири, Андижонлик саййидлар аждоди.
  • Саййид Ҳасан Шоҳи Хомуш – қадим Бадахшон ўлкаси шоҳи.
  • Саййид Фахриддин Сабзварий – Эроннинг Сабзвар саййидлари аждоди.
  • Шайх Саййид Мавдуд Чиштий – Чиштия-Мавдудия тариқати асосчиси, шайх ва авлиё, Чишт, Афғонистон.
  • Саййид Тожиддин Муҳаммад Нагпурий Тож бобо – машҳур авлиё, Нагпур, Ҳиндистон.
  • Шол Пир Бобо — авлиё, пир, Балочистон, Покистон.
  • Хожа Саййид Мир Хованд Махмуд Нақшбандий Ҳазрати Эшон – машҳур авлиё, тариқат пешвоси, Панжоб, Покистон.
  • Саййид Вали Кироний – тариқат шайхи, пир, авлиё.
  • Саййид Хожа Шамсиддин Иброҳим Йукпаси – авлиё, тариқат пири.
  • Хожа Саййид Абдуллоҳ Чиштий – тариқат пешвоси, авлиё, Навада, Ҳиндистон.
  • Саййид Жамолиддин Афғоний – машҳур сиёсий арбоб, исломшунос.
  • Саййид Аҳмад Амируддин –сўфий, давлат арбоби, мударрис.
  • Саййид Султон Масъуд Дақиқ – давлат ва жамият арбоби.
  • Саййид Абдуллоҳ ал Маҳжуб Маккий – Маккаи Мукарраманинг муфтийси, машҳур шайх.
  • Саййид Муҳаммад Усмон ал Мирғаний Маккий – шайх, Хатмия тариқати асосчиси.

Султон Содот Амир Саййид Али Акбарнинг авлодлари ва уларнинг насаб шажаралари ҳақидаги маълумотларни биз аввалги мақолаларимизда келтириб ўтганмиз. Улар билан танишиб чиқишингиз мумкин.  (Эшон Имло Бухорий, Шайх Баҳоуддин Нақшбанд, Қози  Саййид Баҳодирхон ҳақидаги ва инглиз тилидаги Имом Ҳасан Аскарий р.а. авлодлари тўғрисидаги мақолаларга ҚАРАНГ !)

 

Асқар ҳожи Обидов

тарихчи олим,

жамиятнинг вакили ва

фахрий шажарашуноси.

 

“Туркистон Саййидлари ва Эшонлари”

Хорижий  халқаро жамияти раиси

Саййид Сардорхон Жаҳонгир

тақризи остида тайёрланди. 

sulton saodat

sultan saadat

sulton saodat

султан саадат

sayyid ali akbar bin imam hasan al askari

sayyid ali akbar bin imam hassan al askari

sayyid ali akbar bin imam hasan askari

Пролистать наверх